
ЮКАГИР ТИЛИ
ЮКАГИР ТИЛИ, одул тили — юкагир-чуван тиллари оиласидан сақланиб қолган ягона аморф тил; РФда Колима ва Алазея дарёлари ҳавзасида (Саха Республикасининг шим. шарқи ва қисман Магадан вилоятида) тарқалган. Ўтган аср охирларидаги маълумотларга кўра, юкагирлар сони 1100 дан ортиқ бўлсада, Юкагир тилида сўзлашувчиларнинг умумий сони 300 кишидан ортмайди. Унинг тундра ва колима лаҳжалари сақланиб қолган бўлиб, улар бир қатор фонетик, морфологик ва лексик белгилари бўйича ўзаро фарқланади. Юкагир тилини палеоосиё тиллари гуруҳига қўшиш мумкинлиги ҳақидаги фикр нисбийдир. Шунингдек, унинг урал тиллари, қолаверса, олтой тиллари билан ҳам генетик алоқалари бор деб тахмин қилинади.