ЮЛДУЗЛАРАРО МУҲИТ

ЮЛДУЗЛАРАРО МУҲИТ — Галактикамизнинг юлдузлараро фазосидаги материя; унинг таркиби, асосан, водород гази, чанг, магнит майдон ва электромагнит нурланишдан иборат. Зичлиги ҳар ерда турлича, массаси Галактика тўлиқ массасининг 2—3% ини ташкил қилади. Юлдузлараро муҳитда турли молеқуляр булутлар ва газчангдан иборат туманликлар ҳам кузатилади. Айрим Юлдузлараро муҳит (мас, Орион ва Омега туманликлари) да модцанинг қуюқлашиши натижасида юлдузлар туғилиш жараёни юз бермоқда. 1685 йилдаёқ Н. Пьютон газ булутининг қисилиши натижасида Қуёш вужудга кела олишини айтган. Бу фикрни 1902 йилда инглиз астрономи Ж. Жинс назарий исботлаган. Юлдузлараро муҳитнинг мавжудлигини 1904 йилда биринчи марта немис олими И. Гартман кузатган. Юлдузлардан келаётган нур Ю. м. да қисман ютилади ва ундан қайтади. Нур ютилиши туфайли бир спектрал синфдаги биздан турлича масофада жойлашган юлдузларнинг спектрал таркиблари ҳар хил бўлади. Узоқдаги юлдуз яқиндагига қараганда қизилроқ бўлиб кўринади.

Кузатувларга кўра, Юлдузлараро муҳит асосий массасининг 80% ини водород гази, тахм. 18% ини гелий гази ташкил этади. Қолгани бошқа кимёвий модцалардан иборат. Водород гази фазода икки хил ҳолатда учрайди:

1) ионлашмаган нейтрал водород Н1 соҳа.

2) ионлашган водород НН соҳа. Н1 соҳа ўзидан 21 см тўлқин узунликда радионурланиш тарқатади ва радиотелескоп орқали спирал тармоқлар сифатида кўринади. Ушбу газ қатлами Сомон Йўли бўйлаб максимал зичликка эга бўлиб, унинг ўртача қалинлиги 200 парсек. Ионлашган НП соҳа қайноқ юлдузлар атрофида учрайди. Уларнинг асосий қисми Галактикамиз марказидан 4000 — 7000 парсек оралиғида ҳалқасимон тарзда кузатилади. НН соҳанинг ўртача т-раси 8000 К гача етади. Юлдузлараро муҳитнинг чанг заррачалари аслида юлдузлар атмосферасининг энг «совуқ» қисмларида вужудга келиб, юлдуз шамоли таъсирида фазога тарқалади. Бу чангларнинг ўртача ўлчами 0,0001—0,001 мм оралиғида. Чанг ўзаги графит ёки силикатдан иборат бўлиб, ўзак турли молеқулалардан ташкил топган муз қатлами билан ўралган. Чанг моддасининг Юлдузлараро муҳит даги зичлиги ундаги газ зичлигидан 0,001 марта кичик.

Loading...