ЮЛДУЗЎТ — чиннигулдошларга мансуб бир йиллик бегона ўт. Ўрта Осиёда тарқалган. Илдизи ўқиддиз, сертомир. Пояси ингичка, қўтарилиб ўсади, сершох, бўйи 5 — 30 см. Барглари қарама-қарши жойлашган, пасткилари бандли, юқоридагилари бандсиз, тухумсимон. Гуллари оқ, майда, гулбанди узун. Меваси чўзиқ, кўп уруғли кўсакча. Апр. — октябрда гуллаб, мевалайди. Бир тупи 15—20 минг майда уруғ беради. Уруғидан ва вегетатив усулда кўпаяди. Уруғлари 5—7° да кўкариб чиқади. Эрта баҳордан кеч кузгача майса беради. Кузги ниҳоллари қишлайди, поялари илдиз отади, улар ҳам яхши қишлаб чиқади. Бегона ўт сифатида сабзавот ва чопиқталаб экинлар орасида, пахта майдонлари, канал, ариқ бўйларида, хиёбонлар, боғлар, полиз экинлари орасида, сернам ва соя ерларда ўсади.
Кураш чоралари: экинлар бир неча марта культивация, ўтоқ қилинади, юлинган ўтлар даладан чиқариб ташланади, майса пайдо бўлгунича гербицидлар пуркалади.