ЮНГ Карл Густав

ЮНГ Карл Густав (1875.26.7, Базель — 1961.6.6, Цюрих) — швейцариялик психолог ва файласуф, психоаналитик мактаб асосчиси. Коллектив ғайришуурийлик ҳақидаги таълимотни ривожлантириб, ғайришуурийлик тимсолларини умуминсоний рамзиятнинг, шу жумладан, афсоналар ва туш кўришнинг манбаи деб билган. «Метаморфозалар ва либидо рамзлари» (1912), «Руҳий типлар» (1921) асарларида инсон руҳи табиатини очиб берадиган ғоя ва фикрларни илгари сурди. Онг ва онгсизликка оид масалаларни талқин қилди. Юнг фикрича, психотерапиянинг мақсади ҳар бир шахсга ўзига хос хусусиятга эга бўлган индивид сифатида ёндашишдан иборат. Қиёсий диншунослик, мифология, халқ оғзаки ижоди (К. Кереньи, М. Элиаде ва бошқалар)га, шунингдек эстетика ва адабий-бадиий танқид (Г. Рид, Буюк Британия ва бошқалар)га таъсир кўрсатган. 1948 йил Цюрихда Юнг институти, 1958 йил Халқаро таҳлилий психология жамияти ташкил қилинган.