ЮНОН ТИЛИ

ЮНОН ТИЛИгрек тили тарихидаги дастлабки босқичда — мил. ав. 14 — 12-асрлардан мил. 1 —4-асрларгача амалда бўлган (ҳоз. ўлик) тил; грекларнинг қадимий тили (яна қ. Грек тили). Ҳиндевропа тиллари оиласида қадимий македон тили билан биргаликда алоҳида юнон (грек) гуруҳини ташкил этади. Юнон тили тараққиёти тарихи қуйидаги босқичларни қамраб олади:

1) энг қадимий (архаик) давр (мил. ав. 14—12-асрлар — 8-аср);

2) классик давр (мил. ав. 8—7-асрлардан 4-асргача);

3) эллинистик давр (умумюнон тилининг шаклланиш даври — мил. ав. 4—1-асрлар);

4) сўнгги юнон даври (мил. 1—4-асрлар). Юнон тилида қуйидаги лаҳжа гуруҳлари фарқланади: ионийаттик (ионияаттика), аркадкипр, эолий ва дорий. Классик даврнинг бой адабиёти ионий лаҳжасида — Гесиод, Геродот; аттика лаҳжасида — Эсхил, Софокл, Еврипид (трагедия), Аристофан (комедия), Платон ва Аристотель (фалсафа), Фукидид ва Ксенофонт (тарих), Демосфен (нотиклик, стилистика); эолий лаҳжасида — Алкей, Сапфо (лирик шеърлар, қўшиқлар) ва бошқалар томонидан яратилган. Гомер достонларининг тилида (мил. ав. 8-аср) бир неча лаҳжаларнинг унсурлари кузатилади. Мил. ав. 5-аср охирларида аттика лаҳжаси Юнонистоннинг адабий тилига айланади. Эллинистик даврда аттик ва ионий лаҳжалар асосида 2 хил: адабий ва сўзлашув кўринишларига эга бўлган умумюнон тили шаклланади. Кейинги даврда адабий тил билан сўзлашув тили ўртасидаги фарқлар кучайиб, улар мустақил ҳолда ривожлана бошлайди.

Юнон тили лексикаси жуда бой бўлиб, унинг таркибида соф юнонча қатламдан ташқари сом тиллари, форс ва лотин тилларидан кириб келган сўзлардан иборат ўзлашма қатлам ҳам бор. Ю. т. лексикаси, лотин тили лексикаси билан бирга, ҳоз. илмий ва илмийтехникавий терминологиянинг манбаи бўлиб қолди.

Ад.: Соболевский С. Н., Древнегреческий язнк, М., 1948; Тронский Н. М., Вопросн язмкового развития в античном обшестве, Л., 1973; Гринбаум Н. С., Ранние формм литературного язьжа (древнегреческий), М., 1984.

Loading...