ЮНОН ЁЗУВИ

ЮНОН ЁЗУВИ, грек ёзуви финикий ёзувидан келиб чиққан алифболи (ҳарф— товушли) ёзув; тахм. мил. ав. 9—8-асрларда пайдо бўлган. Энг қадимий ёдгорликлари мил. ав. 8—7-асрларга мансуб. Тури ва ҳарфлар тўплами жиҳатидан қадимий фригий алифболи ёзувига (мил. ав. 8—7-асрлар) яқинроқтуради. Юнон ёзувида, финикий консонант (ундошли) алифбосидан фарқли равишда, ундошларни ифодаловчи ҳарфлардан ташқари унлиларни ифодаловчи ҳарфлар ҳам пайдо бўлади. Бу ёзув тараққиётидаги янги босқич сифатида катта умуммаданий аҳамиятга эга бўлди.

Алифболи ёзув пайдо бўлгунгача греклар чизиқли бўғин ёзувидан фойдаланганлар (қ. Чизиқли ёзув). Алифболи Юнон ёзуви 2 тармоққа бўлинган: ғарбий ва шарқий. Ғарбий Юнон ёзуви, ўз навбатида, айрим белгиларнинг ёзилишидаги хусусиятлари билан ажралиб турувчи бир қанча маҳаллий кўринишларга эга бўлади. Шарқий Юнон ёзуви классик Юнон ёзуви ва византий ёзуви тарзида ривожланди, қибтий (копт), гот, славянкирилл, шунингдек, арман, қисман грузин ёзувларига асос бўлди. Ғарбий Юнон ёзуви асосида эса этруск, лотин ва қадимий герман руник ёзувлари пайдо бўлди.

Классик умумюнон алифбоси (мил. ав. 4-асрдан) 27 ҳарфдан иборат бўлиб, шу асосдаги матнлар чапдан ўнгга қараб ёзилган. «Стигма», «коппа», «сампи» белгилари фақат сонларни ифодалаш учун қўлланган, кейинчалик алифбо қаторидан чиқарилган. Янги юнон (грек) алифбоси 24 ҳарфдан иборат.

Юнон ёзувининг бир неча турлари, кўринишлари бўлган: тош, металл, сопол каби қаттиқ жисмларга битилган м о нументал ёзув (қатъий квадрат шаклли, қиррадор ёзув; мил. ав. 8-аср дан), унциал ёзув (думалоқроқ шаклли, нлмоқсимон ёзув; мил. ав. 4-асрдан папирусда, мил. 2-асрдан пергаментда), курсив ёзув (тез ёзиладиган, қўлёзма шаклидаги ёзув, мил. 3-асрдан). 13-асрдан кичик минускул (кичик ҳарфлардан иборат ёзув) барқарорлашиб, дастлабки юнон босма шрифти (15-аср) учун асос, андоза бўлади. Ҳоз. юнон босмача ҳарфлари 17-асрда яратилган.

Ад.: Фридрих И ., История письма, пер. с нем., М., 1979.

Loading...