ЮНОНИСТОН

ЮНОНИСТОН, Қадимги Греция, Эллада — Болқон я. о. нинг жан., Эгей денгизидаги ороллар, Фракия соҳиллари, Кичик Осиёнинг ғарбидаги денгиз соҳилида жойлашган қадимий юнон давлатлари ҳудудининг умумий номи.

Тарихи. Археологик маълумотларга кўра, Юнонистон ҳудудида одамлар палеолит давридан яшаб келмоқда. Халкидика я. о. дан неандерталь одамининг бош суяги чиққан. Неолит даврида Юнонистон аҳолиси деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланиб, ўтроқ ҳаёт кечирган. Юнонистоннинг жез даври маданияти шартли равишда Критмикен маданияти ёки Эгей маданияти деб аталган. Мил. ав. 3-минг йиллиқда Юнонистон этник таркиби рангбаранг(пеласглар, лелеглар ва бошқалар) бўлган; уларни протоюнон қабилалари — ахейлар, ионияликлар сиқиб чиқариб ўз таркибларига сингдириб юборганлар. Мил. ав. тахм. 20—17-асрларда Крит о. да ахейларнинг илк давлатлари (Кнос, Фест, АгиаТриада, Микена, Тиринф, Пилос ва бошқалар) барпо этилган. Мил. ав. тахм. 1260 йил Микена, Тиринф, ва бошқалар давлатлар Трояни босиб олиб, уни вайрон этишган (қ. Троя уруши). Дорий қабилаларининг кириб келиши (мил. ав. тахм. 1200 йил) оқибатида давлатлар парчаланиб, уруғчилик муносабатлари жонланган. Мил. ав. 9-асрга келиб Шим. Юнонистонда — эолийлар, Ўрта Юнонистон ва Пелопоннесда — дорийлар, Аттика ва оролларда — ионияликлар истиқомат қилган: 8—6-асрларда юнонлар Ўрта денгиз, Мармар ва Қора денгиз соҳилларини колонизация қилганлар. Бу даврда Юнонистонда полислар (шаҳар давлатлар) шаклланган. Деҳқонлар ва ҳунармандларнинг уруғ зодагонлари билан кураши натижасига қараб полисдаги давлат ҳокимияти ё демократик (Афинада) ёхуд олигархик (Спарта, Крит о. да) тарзда бўлган. Иқтисодий жиҳатдан тараққий этган полисларда (Коринф, Афина ва бошқалар) қулчилик кенг тарқалган; Спарта, Аргос ва бошқаларда уруғчилик тузуми қолдиқлари сақланиб қолган. Мил. ав. 6-асрда полислар Спарта бошчилигида Пелопоннес иттифоқига ва Фива раҳбарлиги остида Беотия иттифоқига бирлашганлар. 5 — 4-асрлар полисларнинг энг равнақ топган даври саналади. У юнонфорс урушларида (500—449) юнонларнинг ғалабаси натижасида Афинанинг юксалиши ва Делос иттифоқининг (Афина бошчилигида) барпо этилиши билан боғлиқ бўлган.

Перикл ҳукмронлиги даври (443 — 429) Афина кучқудратининг энг кучайган, сиёсий тузумнинг энг демократлашган ва маданиятнинг равнақ топган даври ҳисобланади. Афина Юнонистоннинг асосий иқтисодий ва маданий марказига айланади, у денгизда ҳукмронликни ўз қўлига олган. Афина билан Спарта ўртасида Юнонистонда гегемон бўлиш, савдо йўлларига эгалик қилиш учун кураш Пелопоннес уруши (431—404)га олиб келган, у Афинанинг мағлубияти билан тугаган. Спартанинг юнон давлатлари ички ишларига аралашуви мил. ав. 395—387й. лардаги Коринф урушини келтириб чиқарган. 4-асрда Фива вақтинчалик юксалган. Левктра жангида (мил. ав. 371 йил) фиваликлар Спарта қўшинини тормор келтиришган. 4-аср ўртасида Юнонистоннинг шим. да Македония юксалган. Унинг подшоҳи Филипп II Херонея жангида (338) юнон шаҳарлари коалицияси устидан ғалаба қозониб Юнонистонни тобе этган. Александр (Искандар) салтанати парчалангач, эллинизм даврида (3—2-асрлар) Юнонистонда ҳукмрон бўлиш учун курашаётган ҳарбийлашган типдаги давлатлар ва иттифоқлар кўп бўлган (Македония, Ахей иттифоқи, Этолия иттифоқи). Мил. ав. 197 йил Киноскефал жангида Рим қўшинлари Македония устидан ғалаба қозонгач, Рим Юнонистон даги олигархияни қувватлаб, мамлакатнинг ички ишларига аралаша бошлайди. Мил. ав. 148 йил Македония, Иллирия ва Эпир Рим провинциясига айлантирилганлар. 146 йилдан (Ахей иттифоқи римликлар томонидан тормор этилгандан сўнг) Ю. Римга тобе бўлган (мил. ав. 27 йилдан унинг ҳудудида Римнинг Ахайя провинцияси барпо этилган), фақат номига Афинагина эркин шаҳар деб ҳисобланган. Мил. 4-асрдан Ю. Византиянинг асосий таркибий қисмини ташкил этган.

Фалсафаси. Антик фалсафа фалсафа тарихида муҳим ўрин тутади. У аввало, фалсафа тушунчасининг фанга кириб келишига сабабчи бўлди, ҳоз. кунгача бўлган барча фалсафага ҳал қилувчи таъсир кўрсатди. Юз йил давом этган тайёргарлик давридан сўнг юнон фалсафасининг мумтоз даври бошланди. Унинг гуллаб яшнаши мил. ав. 7—6-асрларга тўғри келди, таъсири эса минг йил мобайнида сезилиб турди. Византия ва ислом мамлакатларида юнон фалсафасининг ҳукмрон таъсири кейинги минг йилликда сақланиб қолди; кейинчалик, Ренессанс ва гуманизм даврларида, Европада юнон фалсафасининг уйғониши юз берди, бу эса Ренессанс даври платонизми ва аристотелизмидан бошлаб Европа фалсафий тафаккурининг бутун тараққиётигача бўлган даврдаги ижодий янгиланишларга олиб кедци.

Юнон фалсафаси мил. ав. 6—5-асрларда бутун Юнонистон даги юнон полислари фалсафасининг давомчиси бўлган мумтоз юнон эллинистик фалсафаси (мил. ав. 4-аср) ва эллинистикРим фалсафасига, яъни мил. ав. 3-асрдан мил. 6-асргача давом этган Рим империясига тарқаган эллинистик фалсафага бўлинади. Эллинистик фалсафа Сократгача бўлган фалсафа (мил. ав. 6—5-асрлар) ва мумтоз (классик) фалсафага (Сократ, Платон, Аристотелъ — мил. ав. 4-аср) ажралади. Сократгача фалсафа, ўз навбатида, космологик (гилозоистик) фалсафага (мил. ав. 6—5-асрлар) ва антропологик фалсафага (мил. ав. 5—4-асрлар) бўлинади.

Юнон фалсафаси илккосмологик — Сократгача фалсафа даври, руҳонийлар билан бирга сиёсий йўналишдаги мутафаккирлар ва етти донишманд томонидан тайёрланган олимлар даври билан бошланади. Улардан бири милетлик Фалес бўлиб, Аристотель уни биринчи файласуф деб ҳисоблаган; у биринчи космолог, торроқ маънода иония натурфалсафаси мактабининг вакили, бу мактабга Анаксимандр, Анаксимен, Ферекид, Диоген ва бошқалар ҳам мансуб эди. Ундан сўнг Элея мактаби вужудга келиб борлиқ фалсафаси билан шуғулланди (мил. ав. 580—430), бу мактабга Ксенофан, Парменид, Элеялик Зенон, Мелисс мансуб эдилар; айни вақтда бу мактаб билан бирга Пифагор мактаби ҳам мавжуд эди. Бу мактаб вакиллари уйғунлик, ўлчов, сон масалалари бўйича тадқиқот олиб бордилар. Бу мактабга Филлолай (мил. ав. 5-аср охири) кротонлик Алкмеон (тахм. мил. ав. 520), мусиқа назариётчиси, файласуф ва математик Архит Тарентский (тахм. мил. ав. 400—365) ва унинг тарафдори ҳайкалтарош Катта Поликлет (мил. ав. 5-аср охири), Гераклит, кейин Эмпедокл ва Анаксагор мансуб эди. Ҳамма нарсани қамраб олувчи қомусий тафаккур эгаси Демокрит, унинг машҳур ўтмишдоши Левкипп ҳамда Демокрит мактаби вакиллари Сократгача космологиянинг охирида турадилар. Шу билан бирга сўнгги даврда антропологик софистикада ривожланиш юз берди (тахм. мил. ав. 475— 375), унинг вакиллари, асосан, Протагор, Горгий, Гиппий, Продик бўлган. Юнон фалсафасининг энг машҳур 3 вакили — Сократ, Платон, Аристотель туфайли Афина тахм. 1000 йил юнон фалсафасининг маркази бўлди.

Тарихда биринчи марта Сократ томонидан инсонни фалсафий англаш масаласи қўйилди. Платон фалсафани тугалланган дунёқараш — сиёсий ва мантиқийэтник система сифатида яратди; Аристотель эса фалсафага ҳақиқий мавжудликни тадқиқийназарий ўрганувчи фан сифатида қаради. Бу 3 машҳур юнон мутафаккирининг ҳар бири ўша вақтдан буён ўзича алоҳида ва турли шаклларда 2 минг йилдан буён жаҳон фалсафасининг ривожланишига таъсир кўрсатиб келади. Юнон фалсафасининг эллинистикрим даври бир-бири билан параллел равишда мавжуд бўлган муҳим фалсафий мактабларнинг пайдо бўлиши билан бошланади (мил. ав. 4-аср); фақат неоплатонизм кейинроқ — 500 йилдан сўнг вужудга келди. Сократ таъсирида бутун бир мактаблар гуруҳи ташкил топади: сократчилар (асосий вакили Ксенофонт), мегар мактаби (унга Эвбулид ва имконият тушунчасининг биринчи назариётчиси Диодор Кронос (мил. ав. 307 йилв. э.) мансуб бўлган), циниклар (Антисфен, Диоген), бирмунча кейинроқ жамиятни диний қайта ўзгартирувчи прузалик Дион Хризост; пировардида кирена мактаби (Аристипп ва Эвгемер). Бу мактаблар унчалик узоқ яшамади. Платон тарафдорлари Платон академияси номи остидаги фалсафий мактабга бирлашдилар (қад. Академия — мил. ав. 348—270, ўрта Академия — мил. ав. 315—215, янги Академия — мил. ав. 160 — мил. 529; ўрта Академиянинг вакиллари — Аркесилай ва Карнеад; янги Академиянинг вакиллари — Цицерон ва Марк Теренций Варрон (мил. ав. 116 — мил. ав. 28); Академиядан кейин («янги»сидан фарқ қилган ҳолда) платонизм вужудга келди. Унга бошқа файласуфлар билан бирга Плутарх (тахм. 45—120) ва Фрасилл (Платон шарҳловчиси) кирган.

Аристотель тарафдорларининг катта қисми аниқ фанлар билан шугулланган, перипатетик деб ном олган машҳур олимлар бўлган; қадимий перипатетиклар билан бирга машҳур ботаник Теофраст, мусиқа назариётчиси Аристоксен (тахм. мил. ав. 350), тарихчи ва сиёсатчи мессиналик Дикеарх; кейинги перипатетиклар орасида физик Стратон, географ ва астроном самослик Аристарх (Стратоннинг шогирди, тахм. мил. ав. 250) ва Клавдий Птолемей (тахм. мил. 150), врач Гален, Аристотелнинг шарҳловчиси Родослик Андроник (тахм. мил. ав. 70) бўлган.

Эпикур асос солган мактаб кенг ёйилди, бу мактабга бошқалар билан бирга Лукреций ҳам мансуб эди. Скептик мактабнинг вакиллари (унга Академия вакилларидан кўплари кирган эди) Пиррон ва кейинчалик врач Секст Эмпирик эди. Стоя мактаби жуда муҳим фалсафийдиний ҳаракатга айланди, неоплатонизм ва христианликнинг пайдо бўлишига қадар мавжуд бўлди. Китионлик Зенон асос солган бу мактабни қадимий Стояда Хризипп адабий жиҳатдан пишитди; ўрта Стояда бошқалар билан бирга Панэций Родослик ва Посидоний бор эди; бу мактабга тарихчи Полибий ҳам яқин турган. Кейинги Стоя даврида, асосан, 3 Рим файласуфи — Сенека, Эпиктет ва Марк Аврелий асосий роль ўйнади.

Неоплатонизмда, унинг асосчиси Плотин фикрича, Рим, Афина, Александрия, Сирос, христиан фалсафий мактаблари бир-биридан фарқ қилади. Плотин билан бирга Порфирий, Прокл, аёлфайласуф Гипатия, Ямвлих, император Юлиан Апостат (332—363), энциклопедист Марциан Капелла (5-асрнинг 1-ярми), Боэций машҳур неоплатончи бўлишган. Эллинизм даврида ғарб ва шарқ дини ҳамда фалсафасини ўзида бирлаштирган гностика ривожланди. Бобил гностикасидан монийлик ва унинг ёруғлик ҳамда зулмат олами ҳақидаги таълимоти пайдо бўлди. Милоднинг биринчи юз йиллиги фалсафаси учун Филоннинг Библияни мажозий, платончастоикча талқини жиддий таъсир кўрсатди. У Александрия мактабига асос солди, унинг анъаналарини александриялик Климент ва Ориген давом эттирди, бу эса ғарб фалсафасига кўпроқ таъсир кўрсатган христиан фалсафасининг бошланғич ҳолати эди. Юнон фалсафасининг турли хил кўринишлари ислом фалсафасида мавжуд, унинг таъсирини ҳинд фалсафасида ҳам пайқаш мумкин.

Адабиёти. Юнонистонда ёзма бадиий ижоднинг илк намуналари тахм. 2700—2800 йиллар муқаддам пайдо бўла бошлаган. Бу адабиёт мил. ав. 3-асрда Рим маданиятининг барпо этилишида, таркиб топишида ҳам муҳим аҳамият касб этган. «Илиада» ҳамда «Одиссея» достонлари юнон ёзма адабиётининг бизга қадар етиб келган энг қадимий намуналаридир. Бу каби юксак бадиий асарлар узоқ муддатли адабий ҳаракатнинг давоми, унинг етук маҳсули сифатида майдонга келган. «Одиссея» достонида Демодок каби ажойиб бахшилар — рапсодлар ботирлик ҳақида достонлар айтиб, давра аҳлларини ром қилган. Платон, Геродот каби алломалар ва шу замоннинг баъзи ёзувчилари Гомердан илгари Орфей деган шоир яшаб ўтганлигини хабар қиладилар. Бироқ бу шоирнинг гўзал наволари ҳақида афсонавий ривоятлардан бошқа тарих саҳифаларида биронта ҳам мисра сақланиб қолмаган.

Юнон халқи ўртасида кенг тарқалган ривоятларда Орфейдан ташқари яна бир қанча шоирлар: Музе, Эвмолп, Тамир, Олен ва бошқалар тилга олинади.

Барча халқларнинг тарихида бўлгани каби юнон адабиёти ҳам халқ оғзаки ижоди заминида вужудга келган. Тарих саҳифаларида юнон фольклоридан жуда кам намуналар сақланиб келган бўлсада, шуларга асосан ибтидоий қабилачилик даврларида юнон халқининг анъанаси бой ва рангбаранг оғзаки адабиёти — эртаклари, мақоллари, маталлари, топишмоқлари, қўшиқлари бўлганлигини аниқлаш мумкин. Ибтидоий жамиятдаги мавжуд оғзаки адабиёт шу жамият кишиларининг табиат ҳақидаги тушунчаларини ифода этган.

Юнон мифологияси узоқ тарихга эга. Шу узоқ муддат давомида ижтимоий онгнинг ўсиши билан мифлар ҳам ўзгарган, янги маъномазмун касб этган. Юнон кишиси ибтидоий қабилачилик даврида теварак атрофдаги табиий ҳодисаларнинг ҳаммасини жонли ҳис қилиб, уларга сиғинишган, улардан мадад тилашган, ёвуз кучларни мойил қилиш учун қурбонликлар қилинган. Табиат ҳодисалари қаршисида ибтидоий инсоннинг бутун ҳаёти қўрқув ва таҳликада ўтган. Кейинчалик қабилачилик тузумининг емирилиши ва ҳарбий аристократ табақаларнинг кучайиши натижасида қуйи табақа вакилларининг аҳволи янада оғирлашган, бойларнинг зулми кучайган. Бу ҳолат инсонларнинг диний эътиқодларига ҳам ўз таъсирини ўтказган. қадимий инсон тасаввурида фалак ҳукмронлари — одам қиёфасидаги Олимп маъбудалари пайдо бўлган. Зевсмомақалдироқ ҳамда булутлар ҳукмдори, маъбудлар маъбуди; Посейдон — денгиз ҳукмрони; Аид охират хоқони, Зевснинг рафиқаси Гераосмон маъбудаси, маъбудалар маликаси ва ҳ. к.

Маъбудларни одам қиёфасида тасаввур этиш, ўз навбатида, мифологияни ҳақиқий ҳаётга яқинлаштирган ва унинг образларига чинакам ҳаётийлик бағишлаган. «Илиада» достонида муаллифнинг бутун диққати асарнинг бош қаҳрамони Ахиллнинг ғазабига қаратилган бўлиб, қолган воқеалар фақат 50 кун ичига сиғдирилган. Тингловчи ва китобхон тўла таассуротга эга бўлиши учун асар давомида муаллиф йўлйўлакай чекинишлар ясаб, турлитуман ҳодисалар билан асосий воқеани тўлдириб борган. Худди шу уйғунлик, мухтасарлик «Одиссея» достонида ҳам бор. Жафокаш Одиссейнинг ўз ватанига қайтиши, ҳар сафар мобайнида унинг бошидан кечган мушкулотлар, учраган ажойибот, ғаройиботлар — асарнинг асосий мавзусидир.

Қаҳрамонларнинг қиёфасини улар, нинг табиати, хаттиҳаракатини кўрсатиш бобида — реалистик тавсифи ниҳоятда сезиларли. Достонларда ҳаётнинг турли поғоналарида турувчи илоҳий кучлар, одам болалари: Олимп тоғининг маъбуд ва маъбудалари, девлар, паризодлар афсонавий махлуқлар, подшоҳлар, паҳлавонлар, оддий жангчилар, маликалар, канизаклар, қул ва чўрилар, гўдаклар ва ҳ. к. кўз ўнгида гавдаланади. Юнон халқи асрлар давомида ботирлик ҳақидаги ўз туйғу ва орзуларини ана шундай қаҳрамон номи билан боғлаб келган.

Юнон халқининг ботирлик, ғайрат ва жасорат тушунчаларини ёзувчи Ахилл образида талқин этган бўлса, шу халқнинг ҳаёт бобида орттирган донишмандлиги, ақл ва заковатини Одиссей образи орқали кўрсатган. Бошқа қаҳрамонлардан ташқари (ҳар иккала) достонда иккинчи даражали шахслар бор: Агамемнон — такаббур, Менелай — ботир, Диомед — серғайрат, Нестор — нуроний, Барис — худбин, олифта, Гектор — ориятли ва ҳ. к.

Европа халқлари ўз тараққиётлари давомида катта иштиёқ билан неча бора юнонлар ҳамда римликлар яратган санъат ва адабиётга мурожаат этиб, улар асосида қалбларини безовта қилган туйғу ва ғояларни ҳал этишга уринганлар. Уйғониш даврининг буюк алломалари қўлида антик (қадим) дунёнинг илму фани, санъат ва адабиёти, фалсафий таълимотлари энг кучли қурол бўлиб хизмат қилган. «Уйғониш» сўзининг дастлабки маъноси ҳам қадимги маданиятни қайта тиклаш, янгидан оёққа турғизиш демакдир.

17-аср Европа классицизм адабий оқими ҳам 100—150 йил давомида антик дунё бадиий ижодига тақлид шиори остида ривожланди, бу давр мобайнида қарийб бутун Европа саҳнаси, асосан, Юнон ва Рим трагедиялари мавзулари билан яшади. Эллин маданияти Ўрта Осиё маданиятининг равнақ топишига самарали таъсир этган. Салавкийлар ва ЮнонБақтрия подшолиги ҳукмдорлари даврида Ўрта Осиё, Эрон ва бошқалар ўлкалар аҳолисининг фаол иштирокида шарқий эллинизм маданияти вужудга келди, у юнон маданиятини ҳам бойитди (яна қ. Эллинизм).

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Юнон меъморлари ва тасвирий санъат намояндалари кўп асрлар оша турли халқлар учун гўзаллик, уйғунлик, юксак дид намунасини ўтаган санъат ёдгорликларини яратган. Асарлар асосан содда афсонавий мавзуларга асосланган бўлсада, борлиқ ва инсон мувозанатини ҳис этиб, табиий муҳит, инсон танасининг табиий гўзаллиги ва уйғунлигини англаб акс эттирди. Бу нисбатлар меъморликда ҳам аниқ ифодасини топган. Юнон бадиий ёдгорликлари Болқон я. о. дагина эмас, шунингдек, Кичик Осиё, Жанубий Апеннин я. о., Ўрта денгиз ороллари ҳамда Шим. Қора денгиз соҳилларида ҳам сақланган.

Юнонистон санъати Микен маданияти негизида пайдо бўлган; микенлар билан мил. ав. 2—1-минг йиллик санъатининг ўзаро боғлиқлиги кулоллик ва меъморлик бўяма нақшларида кўзга аниқ ташланади. Юнон санъати тараққиёти (мил. ав. 11—1-асрлар) тарихан гомер, архаика, классика, эллин каби бир неча даврларга ажратилади.

Гомер даври (мил. ав. 11—8-асрлар) да бўяма нақшли кулоллик тараққий этган, геометрик услуб мил. ав. 7-асргача ҳукм сурган, энг тараққий этган даври (8-аср)да %абр ёдгорликлари вазифасини ўтаган рўзғорга мўлжалланган дипилон кўза ва идишлар безаги, нақш ва инсон шаклининг аниқ ритми, чизиқлар ифодалилиги билан ажралиб туради. Геометрик услубда терракота ҳайкаллар ва идишларга ҳайкалтарошлик безаклари (қопқоқ, шаклдор дасталар) ҳам яратилди. Меъморлик ҳақида маълумотлар деярли йўқ, баъзи бино қолдиқлари, ибодатхоналарнинг терракота модели ва адабий ёзма манбаларда айрим маълумотлар учрайди.

Архаика (мил. ав. 7—6-асрлар) даврида полислар шаклланди, шаҳарлар юзага келди, шаҳарсозликнинг асосий белгилари муқаддас жой (акрополь) ва жамоат савдо марказлари (агора) бўлиб, улар атрофида турар жой мавзелари жойлаштирилган, шаҳарлар бунёд этилган. Етакчи ўринни ибодатхоналар (ҳайкаллари бўлган «худолар уйи») эгаллаган.

Ибодатхоналар билан бир қаторда турли вазифаларни бажарувчи жамоат бинолари (театр, стадион, палестр ва бошқалар) бунёд этилган. Иншоотлар тошдан қуришга ўтилгач, ордер турлари шаклланди (қ. Меъморлик ордерлари), ибодатхоналар бўртма тасвирлар, ҳайкаллар билан безатилди; даҳшатли махлуқлар билан олишаётган худолар ва қаҳрамонлар (Геракл, Тесей, Персей ва бошқалар)нинг қатъий тасвирлари яратилди; уларнинг ҳажмдорлиги ибодатхоналардаги меъморий шакллар билан уйғун. Ионий услубидаги ибодатхоналарнинг ҳайкалтарошлик фризлари динамикаси ва мураккаб композицияси билан ажралиб туради. Дастлабки ўзаро боғланмаган кам шаклли фризлардан ўзаро уйғун ва кўп шаклли яхлит композицияларга ўтиш кузатилади, илк фронтонлардаги рельефлар (Керкира о. даги Артемида ибодатхонаси) думалоқ ҳайкаллар билан алмашади.

Ҳайкалтарошликда кичик бронза ҳайкаллар («Фивалик Аполлон», мил. ав. 7-аср 1-ярми)дан яланғоч ўсмир (курос) лар ва узун кўйлакли қиз (кора)лар шаклини ясашга ўтилди. Ҳаракатсиз шакллар ўрнига ҳаракатларни шартли ифодалаш юзага келди («Делосли Нике», мил. ав. 6-аср ўрталари). Ҳайкалтарошлар инсон мимикасини ифода воситаси сифатида кам қўлласаларда, айни вақтда бой ҳажм, кийимлар бурмаларининг гоҳ қатъий, гоҳ нафис талқини билан ифодали образ қурилишига эришдилар. Архаика ҳайкалларида айрим маҳаллий фарклар кузатилади: ионий услубидаги кора ва курослар лирик ва ҳаётбахш образлари, шаклларнинг майинлиги билан қатъий қиёфали ва кескин шаклли дорий услубидаги ҳайкаллардан ажралиб туради. Бу даврда юнон кўзалари (амфора ва бошқалар) тугал шаклланди, буюмларга бутун юзаси қоплаб гилама усулида мужассамотлар яратилди, шартли қатъий чизиқлар ва геометрик услубдаги нақшлар ўрнини сюжетли саҳналарнинг тез-тез қўлланиши эгаллади. Коринф, кейинроқ Афина (7—6-асрлар)да қора шаклли услуб қарор топди (Клитий, Эксекий, Амасис ва бошқалар), қора шаклли услубдан қизил шаклли услубда кўзалар ясашга ўтиш юзага келди (Андокид ва бошқалар).

Классика (мил. ав. 5-аср — 4-аср 3-чораги)да шаҳарлар ривожланди, мунтазам тарҳли шаҳар типи шаклланди (Милет, Пирей), шаҳарларни тўғри бурчакли кўчалар тўри билан қисмларга бўлиш, турар жойларни мажмуа тарзида қуриш каби асосий қоидалар юзага келди. Полисларнинг ўзига хос рамзи бўлган ибодатхоналарнинг типик хусусиятлари индивидуаллик билан қўшилиб кетган, бир типдаги қурилишларда ягона ордер тузилишидаги нисбат ва кўламларнигина ўзгартириб такрорланиши билан ҳар бир шаҳар — давлат бош иншоотларида ўзига хос меъморий қиёфалар яратишга эришилди. Шу жиҳатдан умумий тарҳли ва ордер элементлари бўлган Афина Афайи (тахм. мил. ав. 500—480, Эгин о. да), Гера II («Посейдон ибодатхонаси», мил. ав. 5-аср 2-чораги, Посейдонияда), Зевс (мил. ав. 468—456, Олимпияда) ибодатхоналари ўзига хос сифатлари билан бир-биридан фарқлидир.

Мил. ав. 6—5-асрлар чегарасида тасвирий санъатда кескин ўзгаришлар рўй берди, ҳайкалтарош ва рассомлар инсон қиёфаси ва унинг ҳаракатини мукаммал ифода этдилар, фронтон, фризларда кўп шаклли лавҳаларни дадил бажардилар. Классика бошида юзага келган «қатъий услуб» ҳусусиятлари кўзаларга ишланган тасвирларда аниқ ифодасини топди (Эпиктет, Евтимид, Ефроний). Қизил шакллар услубида ижод қилган Бриг афсонавий мавзулар билан бир қаторда маиший лавҳалар (базм, мактабдаги машғулотлар, стадиондаги атлетлар)ни ҳам яратди. «Қатъий услуб» мил. ав. 5-аср 1-ярмидаги ҳайкалтарошликда ҳам кўзга ташланади; Эгин о. даги Афина Афайи ибодатхонаси фронтони, Олимпиядаги Зевс ибодатхонаси фронтон ва метоплари каби санъат дурдоналари яратилди. Классиканинг илк даврида қаҳрамонлар образлари билан бир қаторда кўтаринки руҳдаги реал образлар ҳам юзага келди (Мирон ва бошқалар). Инсон танасини мукаммал ишланиши юнон санъатига умрбоқий ғоялар (гўзалликнинг хунуклик устидан ғалабаси)ни ифодалаш имконини берди. Мил. ав. 5-аср ўрталарида классика санъати («юксак классика» деб номланган) гуллаб яшнади. Перикл даврида Афина Элладанинг сиёсий ва бадиий марказига айланди. Вайрон бўлган Акрополда Фидий бошчилигида моҳир меъморлар ва ҳайкалтарошлар ишлади: тасвирий ансамбллар ҳосил қилинди, янги ибодатхоналар бунёд этилди, ҳайкаллар ўрнатилди, гўзаллик ва уйғунлик тараннум этилди (маъбудларнинг юксак мавқеи, тантаналарда виқор билан юришлари, кентаврлар билан олишувлари ва бошқалар). Озод эллин фуқаролик руҳи, ғоявий, ахлоқий ва жисмоний мукаммаллиги Фидий асарларида, Парфенон безакларида, Поликлет ҳайкаллари, Полигнот кўзалари, фрескалар, терракота ҳайкаллари, рельеф ва тангаларда ёрқин ифодаланган.

Мил. ав. 4-аср бошларида юнон полислари демократияси инқирози билан айрим шахслар хоҳиши полислар хоҳишини сиқиб чиқарди. Диний иншоотлар қуриш ўрнини инсоннинг кундалик ҳаёти билан узвий боғлиқ бўлган иншоотлар (палестр, театр ва бошқалар) қуриш эгаллади (жумладан, Эпи даврдаги театр, мил. ав. 350—330 ва бошқалар).

Вазифасига мос аниқ композицияли юнон театрлари жаҳон меъморлигидаги томоша иншоотларининг кейинги тараққиётига асос бўлди. Мемориал ансамблларда инсон шахсини абадийлаштириш анъаналари юзага келди (мас, Галикарнасл&т мақбара, тахм. мил. ав. 353). Тасвирий санъатда инсон характерига қизиқишнинг ортиши ҳайкалтарошлик портретларини ривожланишини таъминлади. Афсонавий композицияларда кураш драматизми, инсоннинг руҳий қудрати ва жисмоний шижоатини тасвирлаган Скопас ижодида воқеликдаги қарама-қаршиликлар ўткир ифодасини топди, бу жиҳатдан Пракситель ҳайкаллари, Лисипп асарлари диққатга сазовор.

Эллин даври (мил. ав. 4-аср охири — 1-аср) юнон маданияти минтақаларининг кенгайиши унинг Александр давлати ва унинг ворислари давлати таркибига кирган халқлар маданияти билан ўзаро қўшилиши билан белгиланади (қ. Эллинизм). Афина бадиий ҳаёт маркази мавқеини йўқотди. Кичик Осиёнинг йирик шаҳарлари янги қараш (нуқтаи назар)ларни яратувчига айланди, қурилиш беқиёс даражада ўсди, кўплаб мунтазам тарҳли янги шаҳарлар юзага келди (Истанбул ва бошқалар), йирик иншоотлар қурилди (Истанбулдаги Фарос маёғи), маҳобатли меъморий ансамбллар бунёд этилди (Пергамдаги Акрополь) оддий уйдан бош саройгача бўлган турар жой типи шаклланди, анъанавий ички ҳовли тарҳли уйлар устунлар билан ўралган перистилга айлантирилди. Эллин ҳайкалларидаги қиёфалар қўрқув, даврни фожиавий англаш билан йўғрилган. Эллин даври санъатига минтақавий мактаблар, йўналишларнинг ҳамда бадиий образли масалаларнинг рангбаранглиги хос: ҳайкал портретлар ривожланди, классиканинг инсон — фуқаро уйғунлиги ўрнига буюкларни улуғлаш қарор топди. Ижтимоий келиб чиқиши ҳар хил бўлган одамларга, уларнинг ёшидага характерли хусусиятларга қизиқиш ортди. Юнонистон Рим томонидан забт этилиши билан эллинлар санъати ғолиблар маданиятининг ривожланиши билан қўшилиб, уни ўзининг кўп асрлик анъаналари билан бойитди, шунингдек, ўзининг мустақиллигини ҳам йўқотиб борди.

Театри — юнон драмаси ва театри Дионис шарафига ўтказиладиган қишлоқ хўжалиги байрамларидан бошланган. Унинг асосида табиатнинг қишки ўлик мавсуми ва баҳорги уйғониш даври билан боғлиқ қадимий ер эгаларининг ўйинлари ётади. Мил. ав. 4—1-асрларгача Юнон театри. 1. Гетера ниқоби. 2. Тропик каҳрамонниқоби. 3. Андромеданинг театр либосидаги тасвири (вазадаги расм). 4. Трагик актёр (фил суягидан ишланган ҳайкалча). драматик чиқишларда хор асосий роль ўйнаган. 6-асрнинг 2-ярмида алоҳида ижрочи — актёр (драматургнинг ўзи) пайдо бўлди. Эсхил саҳнага 2 актёрни олиб кирди. Софокл эса саҳна декорациясида тасвирий безаклардан кенг фойдаланди, фожиаларда 3 актёр пайдо бўлди. Актёрлар, асосан, ниқоб кийиб ўйнаганлар. Театр юнонлар ҳаётида алоҳида ўрин эгаллади. Айниқса, қулдорлик даври гуллаган пайтда театр аҳамияти янада ортди. Театр, асосан, 3 қисм: орхестр, томошабинлар учун жой ва чодирдан иборат бўлди. Булардан энг қадимийси орхестрюмалоқ майдон бўлиб, унда актёр ва хор ижрочилари томоша кўрсатганлар. Дастлаб барча томошабин орхестр атрофида ўтирганлар, кейинчалик омма учун алоҳида жойлар ажратилган. Театр биноларидан қадимийси Афинадаги Дионис театри биноси ҳисобланади. Кейинги энг катта Афина театри мил. ав. 4-асрнинг 2-ярмида қурилди. Театрда трагедия ва комедиядан ташқари мифологик сюжетга эга сатирик спектакллар ҳам қўйилган. Дастлаб аёллар ролини эркаклар ниқоб кийиб ижро этган, Эсхил, Софокл, Еврипид, Аристофан каби буюк драматургларнинг ижодида Юнонистон қулдорлик демократиясининг равнақи ва зиддиятлари акс этди. Мифологик сюжетли пантомимик рақслар кенг тарқалди. Уларда аёл актёрлар ҳам қатнашди. Эллинизм даврида (мил. ав. 3—1-асрлар) театр Шарқда юнон маданиятини тарғиб қилишда асосий воситалардан бирига айланди. Театрлар нафақат йирик савдо марказларида, балки кичик шаҳарларда ҳам қурила бошлади. Дионис шарафига ўтказиладиган байрамларда трагедия ва комедиялар намойиш этилди. Қишлоқ комедияси йўқола борди. Янги комедиялар (Менандр, Филемон ва бошқалар) ўзаро ҳаётий муносабатларни, инсон ички кечинмаларини акс эттирди. Мил. ав. 5-асрда Юнонистонда мимлармаиший ва ҳажвий ҳарактердаги кичик саҳналар юзага келди. Эллинизм даврида илк бор профессионал актёрлар ижод қилди. Актёрлар уюшмаси пайдо бўлди. Бу даврда актёрлар катта ҳурматга, юридик ҳуқуқга эга бўлганлар. Томоша кўрсатиш учун актёрлар ҳатто уруш пайтларида ҳам хоҳлаган ерларига бориш, ўзлари ва нарсаларига дахлсизлик ҳуқуқи берилган. Актёрларнинг ўзлари эса ҳар қандай ҳарбий хизматдан озод этилганлар (мил. ав. 3-аср бошларида бу ҳақда махсус қонун қабул қилинган). Юнонистон театри жаҳон театрининг ривожланишида муҳим роль ўйнади.

Мусиқаси. Юнонистон мусиқасини бадиий (мас, «Илиада» «Одиссея») ва илмий (Платон, Аристотель, Пифагор, Аристоксен) мерос ҳамда тасвирий санъат ёдгорликлари орқали тасаввур қилиш мумкин. Юнонистонда мусиқа санъати ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин олиб, уни ўрганиш ёшлар тарбияси тизимига киритилган, қўшиқчилик ва созандалик бўйича турли мусобақалар ўтказилган. Турли халқ қўшиқлари — георгик (деҳқончилик билан боғлиқ), эпиталама (никоҳ тўйларида айтиладиган), тренос (йиғи), эмбатерий (ҳарбий) каби жанрлар, Аполлон (пеан), Дионис (дифирамб, фаллик^) ва бошқалар худоларга бағишланган айтимлар кенг ўрин олган. Шоирхонанда (аэд, рапсод — Гомер ва бошқалар)лар ўзи яратган эпик қўшиқлар ва достонларни чолғу (торлитирнама форминкс ва бошқалар)ларни чалиб ижро этган. Мусиқанинг одамларга сеҳрли таъсири, машҳур хонанда ва созандалар (Олимп, Марсий, Орфей ва бошқалар) фаолиятига доир бир неча ривоят ва афсоналар бизгача етиб келган.

Олимп авлос чалиш йўлларини ҳамда гармония (энармоника) қонунларини, лесбослик Терпандр кифарани кашф қилганлар. Олимпнинг шогирди критлик Талет хор қўшиқчилигини киритган. Мусиқа, айниқса, хор қўшиқчилиги катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, ватанпарварлик рамзи даражасига кўтарилган. Ҳарбий (маршсимон) куйлари билан бирга лирика йўналишидаги жанрлар (мас, Сапфонинг ишқий қўшиқлари, Пиндарнинг гимн ва одштари, элегия) ривож топган.

Юнонистон трагедия ва комедиясида мусиқа муҳим драматургик вазифаларни бажарган. Унинг ижодкорлари (Эсхил, Фриних, Софокл, Еврипид ва бошқалар) куйларни ҳам яратиб, драматик асарларга хор ва рақслар, якка хонандалик шаклларини киритган. «Антигона» (Софокл) трагедиясидаги хор Афинанинг миллий мадҳиясига айланган. Эллинизм даврида катта чолғу ансамбллар, орган каби мусиқа чолғу асбоблари пайдо бўлган.

Юнонистон мусиқа маданиятига Кичик Осиё ҳамда Яқин Шарқ халқлари мусиқа анъаналари таъсир этган. Ўз навбатида, Юнонистон мусиқаси ҳамда мусиқа назарияси Шарқ мусиқа илми (Юнус алКотиб, Ибн Сурайж, Исҳоқ алМавсилий, Форобий, алКиндий, АбулФараж, Исфаҳоний ва бошқалар)да ривож топган. 9-асрда Бағдодда Аристотель, Аристоксен, Никомах, Птолемей ва бошқаларнинг кўпгина мусиқа рисолалари араб тилига таржима қилинган. Форобий Аристотель тизимини, ал-Киндий янги платониклар ғояларини ривожлантирган. Юнонистон мусиқа назариясида қарор топган тушунчалар (мусиқа, мелодия, ритм, гамма, монодия, гармония, диатоника ва бошқалар) ҳозирги мусиқашуносликда ҳам жорий этилмоқда.

Ад.: Сергеев В. С., История древней Греции, 3 изд. М., 1963; История философии, т. 1, Н., 1957; Тронский И. М. История античной литератури, Л., 1957; Всеобшая история искусств, т.1, М., 1956; Гериман Т., Античное музнкальное мьгшление, Л., 1986; Сулаймонова Ф., Шарқ ва Ғарб, Т., 1998.