ЮПАТОВ Филипп Афанасьевич

ЮПАТОВ Филипп Афанасьевич (1873—1958) — цирк арбоби, антрепренёр. Циркнинг турли жанрлари (ҳаво гимнасти, чавандоз, раққос, клоун, ҳайвон ўргатувчи ва бошқалар)да ижод қилган. 1906 йилдан Туркистонда яшаган. Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва бошқалар шаҳарларда цирклари бўлган. Юпатов цирклари Туркистонда машҳур бўлиб, дастурлари хилмахиллиги билан ажралиб турган ва катта шуҳрат қозонган. Юпатов циркларида европа ва Росссиядан келган артистлар билан бирга ўзбек артистлари ҳам томоша кўрсатишган. Бенефислар уюштирилган, «кулги ва қувноқлик кечалари», француз кураши бўйича мусобақалар, тарихий ва саргузашт мавзулардаги пантомималар қўйилган. Ўзбек тилини пухта билган Юпатов Юсуфжон қизиқ билан ҳамкорликда томошалар кўрсатган. Юпатов 1915 йил Тошкентдаги Воскресенье бозори (ҳоз. Навоий театри майдони)да ёғочдан ишланган стационар цирк биносини қурди (1966 йил зилзиласига қадар цирк томошалари шу бинода кўрсатилган). Ўзи раҳбарлик қилган цирк дастурларида от ўргатувчи ва клоун сифатида манежга чиққан. Репертуарини ўзбек тилида ижро этган. Профессионал ўзбек цирки шаклланишида Юпатов муҳим роль ўйнаган. 1920 йилдан давлат циркларида ишлаб келди. Қизи Елена Юпатова (1894 — ?) — раққоса, чавандоз. 7 ёшидан отаси раҳбарлигидаги цирк дастурларида қатнашган. Ўзбекча, русча қўшиқ ва рақслари олқишга сазовор бўлган. Манежга «Майрамхон» тахаллуси билан чиқиб, шуҳрат қозонган. «Равот қашқирлари» ва «УайльдВестлик чавандоз» фильмларида суратга тушган.

Loading...