ЮРАК ПОРОКЛАРИ — юракнинг анатомик тузилишидаги турғун нуқсон, камчилик ва ўзгаришлар; нормал қон оқимига халақит беради. Туғма ва орттирилган Юрак пороклари фарқ қилинади. Туғма Юрак пороклари ҳомила юраги ва юрак йирик томирларининг эмбрионал ривожланиш даврида нотўтри шаклланиши натижасида рўй беради. Ҳомиладорликнинг илк даврида она организмининг заҳарланиши, баъзи касалликлар билан оғриши, ионловчи нурларнинг биологик таъсири, ирсий касалликлар ва ҳ. к. сабаб бўлади. Гўдаклик даврида (1 ёшгача) юрактомир системасининг тўла ривожланмай қолиши (мас, очиқ артериал йўллар ёки овал тешикнинг битмай қолиши) ҳам Юрак порокларига киради.
Туғма Юрак порокларининг кўп учрайдиган турлари: катта ва кичик қон айланиш доиралари ўртасида ҳар хил комбинациядаги анормал йўллар, шунингдек, юракнинг йирик томирлари (мас, ўпка артерияси ва аорта)да торайган ёки битиб қолган жойлар бўлиши ёки шу томирларнинг нотўғри жойлашуви; аралаш пороклар; юрак бўлмачалар сони ва тузилишига оид нуқсонлар.
Артерия ва вена қонининг қай даража аралашиб туришига қараб баъзи туғма Юрак пороклари цианоз билан (кўк хилдаги пороклар), баъзилари цианозсиз (оқ хилдаги пороклар) ўтади. Бу қоннинг катта ва кичик қон айланиш доираларини туташтирувчи ноўрин тешиклар орқали қайси томонга оқиб ўтишига (шунт йўналишига), ўпка артериясидаги босимнинг кўтарилиши даражаси ва юрак мускуллари ҳолатига боғлиқ. Боланинг жисмонан тузук ривожланмаслиги, рангпарлик ёки кўкариб кетиш, нафас сиқиши, юрак ҳажми ва ҳолатининг ўзгариши, юракда шовқин эшитилиши ва бошқалар туғма Юрак порокларига хос белгилардир.
Орттирилган Юрак пороклари ҳаёт даврида юракнинг хасталаниши, аксари ревмокардит, баъзан атеросклероз, септик эндокардит, захм ва ҳ. к. касалликлар оқибатида пайдо бўлади. Орттирилган Юрак пороклари га: юрак клапанларининг (ёпилиш вақтида) зич беркилмаслиги; бўлмачақоринчалар (ўнг ва чап бўлмачақоринчалар) ўртасидаги тешик ёки асосий томирлар чиқиш жойининг торайиши (стенози); шу нуқсонларнинг аралаш бўлиши, бир ёки бир неча клапанда баравар камчилик бўлиши ва ҳ. к. киради. Юракнинг митрал (чап бўлмача билан қоринча ўртасидаги тешик ва икки тавақали клапан), аортал, митралаортал ва бошқалар пороклари фарқ қилинади. Юрак порокларида клапан нуқсонлари туфайли қон қисман орқага қайтиб тушади ёки торайган тешикдан зўриқиб ўтиши натижасида юракнинг мускул девори қалинлашиб (гипертрофия), кейинчалик қисқариш кучи сусаяди, бўшлиқлари кенгаяди (дилатация). Натижада қон айланиши издан чиқиб — қон айланиши етишмовчилиги содир бўлади. Орттирилган Юрак пороклари тез ёки узоқ вақт давомида аста-секин юзага келади. Пайдо бўлган иллатнинг жойи, тури, даражасига қараб касалликнинг клиник белгилари турлича намоён бўлади. Баъзан у узоқ вақт ҳеч қандай белгисиз кечиши ҳам мумкин. Ҳомиладорлик, зотилжам, грипп, шунингдек, кучли жисмоний зўриқиш ва бошқалар касаллик белгиларининг қучайиши ва рўйрост намоён бўлишига олиб келади. Томир уришининг тезлашуви, оёқларда шиш, ҳансираш каби юрак етишмовчилиги белгилари ва юракда шовқин пайдо бўлиши юрак пороги борлигидан дарак беради. Юрак порокларининг клиник кўриниши порокнинг хусусияти, шунингдек, унга сабабчи асосий касалликнинг кечиши, беморнинг меҳнат ва дам олиш режимига боғлиқ. Вақтида терапевтик ва жарроҳлик усулида даволаш бемор аҳволини енгиллаштириб, умрини узайтириш имконини беради.
Даво врачнинг кўрсатмаси ва унинг доимий кузатуви остида олиб борилади. Юрак порокларининг баъзи турларида доридармонлар, парҳез билан даволаш яхши натижа беради. Шу сабабли беморни операция қилишқилмасликни мутахассис врач белгилайди. Хирургик даво Юрак порокларини даволашнинг асосини ташкил қилади.
Олдини олиш учун Юрак порокларига сабаб бўладиган касалликларни ўз вақтида даволаш лозим.
Ад.: Сулаймонов А. С. ва бошқалар, Болалар хирургияси, Т., 2000; Хайдаров Ғ. О., Эрматов Ш. Х., Ички касалликлар, Т., 2002.
Маҳмуд Пирназаров.