ЮРАК-ТОМИР СИСТЕМАСИ КАСАЛЛИКЛАРИ

ЮРАК-ТОМИР СИСТЕМАСИ КАСАЛЛИКЛАРИ — юрак, артериялар ва веналар касалликлари. Улар жуда кўп ва хилмахил. Бу касалликларнинг баъзилари (ревматизм, миокардит ва бошқалар) юракни, айримлари артерия (атеросклероз) ёки веналарни (мас, тромбофлебит), бошқалари бутун юрактомир системасини шикастлайди (гипертония касаллиги).

Юракнинг ишемик касаллиги юрак мускулларининг қон билан етарли таъминланмаслигидан вужудга келади. Асосан, юрак тож артерияларининг атеросклеротик ўзгаришларга учраши, спазмп, шунингдек, улар бўшлиғида қоннинг (ивиб) лахта бўлиб чўкиши (тромбоз) ва бошқалар оқибатида келиб чиқади (қ. Юракнинг ишемик касаллиги).

Артериал гипертония Ю,т. с. к. орасида энг кенг тарқалгани бўлиб, катта ёшли одамлар орасида кўп учрайди. У миокард инфаркти, инсульт, юрак етишмовчилиги каби кўпинча ўлим ёки ногиронликка сабаб бўладиган асосий патогенетик омил ҳисобланади.

Артериал гипотония (гипотония касаллиги) — нисбатан кам учрайди. У артериал гипотония синдроми тарзида кўпгина юрактомир тизими касалликларида (миокард инфаркти, кардиомиопатия, миокардит), неврозлар, гипотиреоз, инсультдан кейин кузатилади.

Клиник амалиётда юрак мускулларининг яллиғланиши — миокардит ва яллиғланмай зарарланиши — миокардиодистрофия кўпроқ кузатилади. Эндокардит (юрак ички қаватининг яллиғланиши) ревматизм ва бошқалар орттирилган юрак порокларита сабаб бўлади. Лерикардит кам учрайди. Юракнинг ишемик касаллиги, миокардит ва миокардиодистрофия, шунингдек, невротик ҳолатлар натижасида юрак аритмиялари ваюрак блокадаси содир бўлиши мумкин. Юрак аритмиялари юрак қисқаришлари (уриши)нинг тезлашиши (тахикардия) ёки секинлашуви (брадикардия), юракнинг навбатдан ташқари қўшимча қисқариши (экстрасистолия); юрак уришининг тўсатдан тезлашуви (парок сизмал тахикардия); юракнинг ҳар хил вақт оралиғида нотўғри қисқариши (тебранувчи аритмия) ва бошқаларда намоён бўлади. Юрак блокадаси юракнинг ўтказувчи системасида нерв импульслари ўтишининг бузилиши (мас, бўлмачалардан қоринчаларга ёки Гис тутами оёқчаларига импульс ўтишининг узилиши)дан иборат.

Неврозлар туфайли юрак нерв аппарати фаолияти бузилганда аритмиялар билан бирга, юракда сирқиллайдиган, санчадиган, жазиллайдиган оғриқ сезгилари ҳам пайдо бўлади. Атеросклероз ва гипертония касаллиги артерия томирларининг кенг тарқалган хасталикларидан бўлиб, аксарият улар бирга кечади. Атеросклероз тож томирларидан ташқари, аорта ва унинг йирик шохлари, жумладан, буйрак артерияси, мия томирлари (қ. Инсульт), қўлоёқнинг периферик томирларини ҳам зарарлайди. Артериал томирларнинг яллиғланиши — артериитлар кўпроқ инфекцион (мас, захм, сепсис) ва аллергик (қ. Зардоб касаллиги) ҳамда коллаген касалликлар туфайли юзага келади. Клиник шакли облитерацияловчи эндартериит, аорта панартериити ва ҳ. к. Веналарнинг варикоз кенгайиши ва тромбофлебит вена томирларининг кўп учрайдиган касалликларидан.

Юрак етишмовчилиги юракнинг ўзига юкланган тўла ҳажмдаги функционал юкламани бажара олмаслигини кўрсатувчи патологик белгилар (терининг кўкариши, нафас қисиши, оёқ шишиб қолиши ва бошқалар) билан намоён бўлади; бирор иш қилаётганда нафас қисиб қолиши патологик аломат ҳисобланади.

Ўткир юрак етишмовчилиги — жуда хавфли, лекин камданкам учрайди. У кутилмаганда ёки тўсатдан нафас қисиб, бўғилиш (қ. Юрак астмаси) хуружи билан кечади.

Кўпчилик Юрак-томир системаси касалликлари ск. оқибатида юрак мускулининг қисқариш функцияси ҳамда томирлар девори мускул қаватининг қисқариш қуввати сусаяди. Натижада организмда қон айланиши бузилади. Бу омилларнинг қай бири устун бўлишига қараб юрак ёхуд томир етишмовчилиги вужудга келади.

Юрак-томир системаси касалликлари (гипертония касаллиги, ревматизм, юракнинг ишемик касаллиги) ни мунтазам ва ўз вақтида даволаш юрак касалликларини олдини олишнинг энг яхши воситаларидан ҳисобланиб, уни кардиология фани ўрганади.

Юрак-томир системаси касалликларини аниқлаш, даволаш, олдини олиш ва бошқалар кардиоревматологик марказларда ҳамда диспансерларда амалга оширилади. Касалликни даволаш реабилитация, яъни саломатликни қайта тиклашдан иборат. Ҳоз. юрактомир хирургияси соҳасидаги улкан ютуқлар туфайли юрак ҳамда йирик томирлар тузилишидаги гуғма ва турмушда орттирилган турли нуқсонлар операция йўли билан даволанади.

Ад.: Шаропов Ў. Б., Ғаффорова Ф. К., Шодмонов У. И., Ички касалликлар, Т., 2003.

Маҳмуд Пирназаров.

Loading...