ЮСУФЖОН ҚИЗИҚ

ЮСУФЖОН ҚИЗИҚ Шакаржонов (1869 — Марғилон — 1959.9.6) ўзбек анъанавий театрининг йирик намояндаси, рақс санъати устаси. Ўзбекистон халқ артисти (1941). 1881—88 йилларда Зокиржон қизиқ бошлиқ қўқонлик қизиқчилар тўдасида бевосита Саъди Махсумдан таълим олади. 1888—92 йилларда тўда билан бутун Фарғона водийсини айланиб чиқади. Орачора «Чодир хаёл» қўғирчоқ театрида корфармон бўлиб ишлайди, халқ тўйлари, сайилларида, хориждан келган цирк уюшмалари таркибида қизиқчилик томошалари кўрсатади. Муқаллидда, ҳажвий, бўрттирма образ яратишда, кулкиҳикояда, аскияда Юсуфжон қизиқга бас келадигани бўлмаган. Тўдаларда корфармонлик қилган, билганларини ёш қизиқчи ва раққосларга ўргатган.

Юсуфжон қизиқнинг жаҳонгашталиги туфайли Фарғона қизиқчилиги бир қатор мамлакатларда намойиш этилган. 1903 йилда у Саид қиссахонга қўшилиб, Бухорога боради. 1904 йилда Тошкентда Муллабой Мансуров циркида Ортиқ қизиқ, Собир қори, Қодир қизиқ, Карим Зариповлар билан бирга Самарқанд, Фарғона водийсида, сўнгра Туркистон, Авлиёота, Пишпакда бўлиб, ўзбек қизиқчилиги, халқ рақсларини намойиш этади. 1905 йилда шу труппа таркибида Қашқарда «Келин туширди», «Мамаюсуф», «Бола ўқитиш», «Сурат кўрсатиш», «Шайтон», «Ўлик сотди» каби комедияларни ижро этишда раҳбарлик қилади. 1906 йил Марғилонда қизиқчилар тўдасини тузади. 1908 йил Юсуфжон қизиқ тўдаси (36 кишидан иборат) Фарғона шаҳрида ташкил этилган ўзига хос кўриктанловда қатнашади. Ўша йили Юсуфжон қизиқ Абдураҳмон Раҳмонов (1870—1929) цирк уюшмаси билан Бухорога боради. 1909 йил Санкт-Петербургга келиб рус балетини кўради, циркда клоун Анатолий Дуров билан танишади. Юсуфжон қизиқ 1908—14 йилларда Филипп Юпатовнинг Андижон ва Тошкентдаги чодир циркида Ашир қизиқ, Назир қизиқ билан қизиқчилик қилган. 1914 йил Раҳмон Абдухалиловнинг миллий цирк уюшмасида Ортиқ қизиқ, Собир қори, Муҳаммад чаққон, Қодир қизиқлар билан биргаликда «Пул қисташ», «Қаландарлик», «Саркорлик» комедияларини ижро этган. Жадидлар таъсирида ғарб услубидаги янги театрга қизиқиб,«Бола ўқитиш», «Мударрис» сингари анъанавий комедияларни қайта ишлаб, тўй ва байрамларда намойиш этади.

1918 йил Марғилонда қизиқчилар тўдасини янгитдан тузади. Унда Усмонқори Райимбеков, Сулаймон Мирзараҳимов деган қизиқчилар, Маматбува хофиз, Худойберган ҳофиз, Отахўжа раққос, доирачи Уста Олим Комиловлар фаолият қўрсатишган. Отахўжа раққос билан «Кема ўйин»ни тиклайди. Тамарахонимга ўзбек лапар ва рақсларини ўргатади. 1920 йил Юсуфжон қизиқ тўдаси тарғибот поездида хизмат қилади. 1921 йил Фарғона ўлка сайёр театр труппаси таркибида Бухоро вилоятида бўлиб, «Туҳматчилар жазоси» (Ҳамза) спектаклида Султон пиёниста ролини ижро этади, концертларда қизиқчилик қилади. 1926—28 йлар Юсуфжон қизиқ Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги Ўзбек давлат этнографик ансамблда қизиқчи, чолғучи, ўйинчи сифатида фаолият қўрсатган, ёшларга халқ рақс ва лапарларини ўргатган. «Қари наво», «Сарбоз», «Кема ўйин» рақсларини саҳналаштиришда қатнашган. Шу даврда Чўлпон билан ҳам ҳамкорлик қилиб, 1927 йилда Москва ўзбек драма студиясида унинг асари асосида «Яна уйланаман» комедиясини саҳналаштиришга ҳисса қўшган. 1930 йил бир гуруҳ халқ ижодкорлари билан Москвада бўлиб ўтган санъат олимпиадасида иштирок этган. «Заркокил», «Тўрт жинни», «Келин туширди», «Мардикор — новвойлик», «Мозор», «Елпиб ўтириш», «Қаландарлик», «Атторлик» каби қадимий халқ комедияларини тиклайди, намойиш этади, бошқариб боради. 2-жаҳон уруши йиллари Янгийўл театрида (1941—42), Ўзбек давлат циркида (1942—44) ишлайди. Урушдан кейинги йиллар халқ байрам ва тўйларида хизмат қилади. «Қўшиқлар парвоз этади» фильмконцертда бош ролни ўйнайди. Мустамлака ва собиқ совет даврида оғзаки ижод қилиш, одил ва рост сўзни айтиш, мансабдор устидан кулиш, танқид қилиш қанчалик оғир ва хавфли бўлмасин, қизиқчилик ва аския меросини авлодлар учун сақлаб қолиш, янги шароитларда тиклаш ва ривожлантиришда жонбозлик кўрсатди. Юсуфжон қизиқ анъаналарини ўғиллари Зайнобиддин ва Мадаминжон Юсуповлар, Муҳиддин Дарвешов ва бошқалар қизиқчи ва аскиячилар давом эттирдилар. А. Мухторнинг «Зар қадрини…», А. Абуғафуровнинг «Кулги зарби» пьесалари Юсуфжон қизиқ ҳаёти ва ижодига бағишланган. Фарғона вилояти мусиқали драма театрига Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номи берилган.

Ад.: Обидов Т., Юсуфжон қизиқ, Т, 1960; Қодиров М., Юсуфжон қизиқ театри,Т, 1969; Қодиров М., Ўзбектеатри анъаналари, Т., 1976; Қодиров М., Юсуфжон қизиқ, Т., 1991.

Муҳсин Қодиров.