ЮСУПОВ Полвонниёз Ҳожи

ЮСУПОВ Полвонниёз Ҳожи, Полёз Ҳожи (1861 Хива 1936.14.5) Ёш хиваликлар партиясининг асосчиси, давлат арбоби. Хива хонлиги ҳудудидаги жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган.

Асфандиёрхоннинг жадидларга қарши сиёсати натижасида Юсупов 1917 йил охиридан бошлаб 2 йил давомида Тошкентда яшаган. Большевиклар таъсиридаги Ёш хиваликлар инқилобий қўмитаси раиси (1918 йил бошидан). Туркистон АССР Миллий ишлар халқ комиссарлигида Туркман шўъбаси бошлиғи (1919). Хива хонлиги ағдарилгач (1920 йил 1 фев.), янги ташкил қилинган Хоразм Халқ Совет Республикаси Нозирлар Шўросининг биринчи раиси (1920 йил 27 апр. — 1921 йил 6 март).

Юсупов ХХСР ҳукумати раиси сифатида мустақил сиёсат юритиш ва Хоразм Республикасида демократик ислоҳотларни қарор топтириш учун интилган. Бироқ Туркистон комиссияси (Турккомиссия) ва Туркистон фронти қўмондонлиги Юсуповнинг бу сиёсатига қарши чиқиб, Хивада янги ҳукумат тўнтаришини амалга оширишган. Юсупов фаол сиёсий курашдан воз кечганлиги учун кейинчалик большевиклар томонидан афв қилинган ва ХХСРда турли лавозимларда хизмат қилган.

Ад.: Маткаримов М., Хоразм Республикаси: давлат тузилиши, нозирлари ва иқтисоди, Урганч, 1993.