ЮСУПОВ

ЮСУПОВ Ибраим (1929.5.5, Қорақалпоғистон, Чимбой тумани Азот овули) — Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон (1975) халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони (2004). Қорақалпоқ пед. интини тугатган (1949). Шу Ин-тда ўқитувчи (1949-61), «Амударё» жур. бош муҳаррири (1961—62), Н. Довқораев номидаги Тарих, тил ва адабиёт ин-тида илмий ходим, сектор мудири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси (1965—80), «Совет Қорақалпоғистони» газ. нинг бош муҳаррири (1980 — 85), Қорақалпоғистон маънавият ва маърифат марказининг раиси (1985-2000).

Дастлабки шеърлари 20-аср 40-й. ларининг ўрталарида эълон қилина бошлаган. 30 дан ортиқ шеърий ва насрий тўпламлари бор. «Қирқ қиз» (А. Шомуратов билан ҳамкорликда, 1965), «Актрисанинг иқболи» (1967), «Умирбек лаққи» (1971), «Мангу булоқ» драмалари, «Ажиниёз» либреттоси муаллифи. Юсуповнинг «Кун чиқиш йўловчисига», «Қорақа|поқни кўп мақтаманг кўзимча», «Қора тол», «Турналар» ва бошқалар шеърлари қорақалпоқ адабиётининг юксак намуналаридир. Шунингдек, Юсуповнинг «Акация гуллаган жойда», «Гиламчи хотин ҳақида ҳақиқат», «Дала армонлари», «Мангу булоқ» сингари достонлари ҳам 20-аср қорақалпоқ адабиётининг энг катта ютуқлари ҳисобланади.

«Булоқлар қайнайди» (1960), «Олтин қирғоқ» (1962), «Дала армонлари» (1967), «Чўл тўрғайи» (1972), «Қора тол» (1988) ва бошқалар асарлари ўзбек тилида нашр этилган.

Жаҳон адабиёти классикларининг асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилган («Мангу булоқлар», 1986). Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти лауреати (1974).

Loading...