ЮСУПОВ

ЮСУПОВ Иброҳим (1935.5.3, Урганч) — балет артисти, балетмейстер, реж. Ўзбекистон халқ артисти (1983). Тошкент хореография билим юртини (1955), Москва театр санъати интини (1964) тугатган. Навоий номидаги опера ва балет театри педагог ва репетитор, 1977 — 78 йиллар Варшава катта театрида мумтоз рақс ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Альберто (А. Адан, «Жизель»), Зигфрид (П. Чайковский, «Оққуш кўли»), Гармодий (А. Хачатурян, «Спартак»), Бунёд (М. Ашрафий, «Семурғ»), Шаҳриёр (Н. РимскийКорсаков, «Шаҳризода») ва бошқалар Юсупов саҳнада яратган энг яхши образларидир. «Тўмарис», «Спартак», «Муҳаббат ва қилич», «Минг бир кеча», «Семурғ», «Медея», «Чиполлино», «Корсар», «Темур Малик», «Уч пальма» каби спектаклларни саҳналаштирган. Унинг «Тўмарис», «Темур Малик» спектакллари асосида фильмбалетлар, шунингдек, «Тожикфильм»да «Шарқ афсонаси» фильмбалети ишланган. Юсупов ижоди рақслардаги аниқ чизгилари, муайян услубга мутаносиблиги, мумтоз рақсларга алоҳида эътибори, ўзбек миллий рақс ҳаракатларини балет рақсларига усталик билан уйғунлаштира олиши билан ажралиб туради. Миср, Сурия, Ҳиндистон, Япония, Сингапур, Цейлон, Гонконг, Ливан, Венгрия, Вьетнам каби мамлакатларда гастролда бўлган.