ЮСУПОВ Махсум (1912.18.7 Тошкент — 1983.9.3) — Ўзбекистон халқ артисти (1964). Тошкент политехникумини тугатган (1929). 1932 йилдан Ҳамза театрида ишлаган. Актёрликни оммавий саҳналарда чиқишдан бошлаган. Юсупов нафақат салбий образлар, характерли роллар, балки қаҳрамононадраматик роллар устаси сифатида ҳам танилди. Юсупов ижоди қаҳрамон ички кечинмаларини етказишга, нутқ маданияти, бадиий ечимга алоҳида эътибор бериши билан ажралиб туради. Лаэрт, Полоний (У. Шекспир, «Ҳамлет»), Йўлчи (Ойбек, «Қутлуғ қон»), Норбойвачча, Ғофир (Ҳамза, «Холисхон», «Бой ила хизматчи»), Нодир (Г. Мдивани, «Номус»), Бахтиёр (Б. Раҳмонов, «Юрак сирлари»), Ғойиб, Ҳамдам (Уйғун, «Қотил», «Қалтис ҳазил»), Суқсуров (А. Қ^аҳҳор, «Тобутдан товуш»), Келдиев (Ў. Умарбеков, «Комиссия»), Родериго (У. Шекспир, «Отелло»), Хондамир (И. Султон, Уйғун, «Алишер Навоий»), Саккокий (М. Шайхзода, «Мирзо Улуғбек») каби роллари билан шуҳрат қозонди. Юсупов кино («Фарғона қизи»да Олимжон, «Суюнчи»да Эшмат ва бошқалар) ва телевиденИе («Нур борки, соя бор»да Соқи Соқиевич, «Гирдоб»да партком ва бошқалар)да ҳам роллар ўйнаган. «Наштар» киножурналининг доимий ижрочиларидан бўлган.