ЮСУПОВ

ЮСУПОВ Одилжон (1928.19.5 Балиқчи тумани — 1993.4.9) — хонанда, созанда (доира, дутор, ғижжак). Ўзбекистон халқ ҳофизи (1991). Наманган маданииоқартув техникумини тугатган (1981). Хонандалик санъати ҳамда катта ашула йўлларини андижонлик Ҳ. Фозилов, М. Нишонов, Маматхўжа эшон, Саидали қори, Шокир қори ва Жўрахон Юсуповлардан ўрганган. Кейинчалик улар билан ҳамнафас бўлган. Норин тумани халқ театри хонандаси (1950—55), 1956 йилдан Балиқчи тумани бадиий ҳаваскорлик ансамбли раҳбари. Кучли, баланд, жарангдор овоз соҳиби, ижросига бадиҳагўйлик хос. Репертуаридан катта ашула («Бўлиб дилбар», «Эй санам», «Қулинг», «Эй дилбари жононим» ва бошқалар), ашула ва мақом йўллари («Ёр келиб кет», «Келдим», «Боққанча бўлмас», «Дугоҳи Ҳусайний» ва бошқалар) ўрин олган. Акаука Ваҳобовлар, А. Шокиров, М. Раҳматуллаев, ўғиллари — Абдуваҳоб, Абдусаттор, Зокиржон Одиловлар ва бошқаларга устозлик қилган. Катта ашула ижрочиси сифатида (Н. Саидназаров билан бирга) Европа мамлакатларида гастролда бўлган (1985). Республикада ўтказилган кўпгина мусиқа фестиваллари ва танловлари совриндори. Балиқчи туманида катта ашула ижрочилик маҳорати мактабини ташкил қилган (1990).

Loading...