ЮСУПОВ

ЮСУПОВ Жўрахон (1905 Шаҳрихон — 1994.30.5) — хонанда, созанда (ғижжак, скрипка). Ўзбекистон халқ ҳофизи (1940). Баланд, кенг диапазонли, ширали овоз соҳиби. Катта ашула йўлларини ва созандаликни Мадраим қори, Нурулла қори, Абдураҳим қори, Карим охунлардан ўзлаштириб, кейинчалик улар билан ҳамнафаслик қилган. Катта Фарғона канали, Фарҳод ГРЭСи ва бошқалар қурилишларда, халқ сайили ва байрамларда маданий хизмат қилган. 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941—42). Янгийўл театрида хонанда (1943—44). Шаҳрихонда катта ашула ижро маҳорати мактабига асос солиб, Одилжон Юсупов, Н. Саидназаров, Э. Юсупов, И. Охунов ва бошқалар ҳофизларга устозлик қилган. Ижро услубига равонлик, кенг нафас, таъсирчанлик хосдир (шу боис, Жўрафасон тахаллусини олган). Репертуаридан катта ашула («Оҳким», «Доғман», «Бир келсун», «Эй дилбари жонон», «Жудо қилма» ва бошқалар), мумтоз ашула ва Фарғона — Тошкент мақом йўллари («Баёт», «Чоргоҳ», «Сегоҳ», «Дугоҳ» ва бошқалар) ўрин олган. Кўпгина халқ ижодиёти фестиваль ва танловларининг совриндори.

Loading...