ЮВУВЧИ ВОСИТАЛАР

ЮВУВЧИ ВОСИТАЛАР (тозаловчи воситалар) — турли материаллар сатҳидаги, инсон ва ҳайвонлар танасидаги кирларни ювиш учун қўлланадиган модда ёки моддалар аралашмаси. Ювувчи воситалар таркибига синтетик ювувчи моддалар (совунга ўхшаш сирт фаол моддалар) ва турли қўшимча воситалар (минерал тузлар, органик бирикмалар ва бошқалар) киради. Ювувчи воситалар сифатида қадимдан ишқорий тузлар (поташ, табиий сода), гидрофил лойлар (мас, гилвата), баъзи ўсимликларнинг шарбати қўлланган. 19-асрда совунгарлик саноатининг вужудга келиши билан бу табиий Ювувчи воситалар ўз мавқеини йўқотди. Ювувчи воситаларни саноат миқёсида ишлаб чиқариш илк бор 19-асрнинг 30-й. ларида Германияда йўлга қўйилди; 1950 йилдан бошлаб Ювувчи воситалар қарийб барча ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқарила бошланди. Бу вақтда ёғдан олинадиган совун улуши Ювувчи воситалар умумий ҳажмига нисбатан анчагина камаяди.

Ювувчи моддалар барча Ювувчи воситалар хоссасини белгиловчи таркибининг асосий қисмини ташкил этувчи сирт фаол моддалардир. Ювувчи воситалар эритмаларда (аниқроғи, ярим коллоид системада) мицеллалар ҳосил қилади ва уларнинг ювиш қобилияти ана шу эритма хоссасига боғлиқ. Ювувчи моддалар ионларга диссоциланадиган — ионли ва ионларга диссоциланмайдиган — ионсиз синфларга бўлинади. Ионли моддаларнинг сирт фаол иони манфий зарядли бўлса, анион фаол, мусбат зарядли бўлса катион фаол дейилади. Сирт фаол ионлар ишқорий шароитда манфий, кислотали шароитда мусбат зарядланса, бундай ювувчи моддалар амфотер ёки амфолит деб аталади. Энг кўп тарқалган ювувчи моддалар анион фаол моддалардир. Булар асосида барча совунлар ва кўпчилик синтетик Ювувчи воситалар олинади.

Синтетик Ювувчи воситалар таркибида ювиш жараёнини яхшиловчи қўшимча моддалар бўлади. Буларга кучсиз анорганик кислоталарнинг ишқорий тузлари (натрий карбонат, натрий бикарбонат, натрий силикат, турли таркибли фосфатлар), нейтрал тузлар (натрий сульфат, натрий хлорид), оқартириш ва дезинфекциялаш хоссаларига эга бўлган пероксидлар тузи (натрий перборат, натрий перкарбонат) ва бошқалар киради. Ювувчи воситалар таркибига хушбўй моддалар ҳам қўшилади. Ювувчи воситалар таркибидаги компонентлар миқдори уларнинг қандай мақсадда қўлланиши ҳамда иқтисодий ва санитариягигиена талабларига кўра турлича бўлиши мумкин. Ювувчи воситаларнинг асосий қисми кукун ҳолда, қолганлари эса суюқ, паста ва бошқалар ҳолда сотишга чиқарилади. Уларнинг кир, шиша, фаянс, сирли сопол, эмалланган металл буюмларни тозалаш каби мақсадлар учун алоҳида турлари мавжуд. Жун, ипак, синтетик ва сунъий толадан тўқилган матолар, ип газламаларни ювиш махсус Ювувчи воситалар ҳамда барча матоларни ювишга мўлжалланган универсал Ювувчи воситалар ишлаб чиқарилади.

Собиржон Аминов.

Loading...