ЮЗБОШИ — ҳарбий унвон, юз нафар аскар бошлиғи. Турк хоқонлиги давридан амалда бўлган. Юзбоши бевосита мингбошита бўйсунган, унинг қўл остида 10 та ўнбоши фаолият кўрсатган. Амир Темур даврида Юзбоши ўнбошига қараганда 2 ҳисса кўп маош олган (тахм. 20 отнинг қийматига тенг). Юзбошига ҳарбий юришлар пайтида алоҳида чодир, турли қуроляроғлар ва 10 та қўшимча от берилган. 20-аср бошларида Туркистонда совет режимига қарши кураш даврида баъзи қўрбошилар Юзбоши унвонини олган. Кейинчалик бу унвон тугатилган. Юзбоши мансаби ва унвони ўрта асрларда турли мамлакатларда (мас, Россияда «сотник», Украинада «сотня») ҳам мавжуд бўлган.
Ад.: Темур тузуклари, Т., 1996; Воҳидов Ш., Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида унвон ва мансаблар, Т., 1996.