ЗАБОНИ ГОВ

ЗАБОНИ ГОВ (форс.-тож. — ҳўкиз тили) — тандир нонининг қад. турларидан бири. Уни Самарқанд новвойлари темурийлар даврида кашф этишган. Инқилобга қадар ҳам бундай нон Самарқанд бозорида сотилиб турган. Забони гов хамири ширмой нон хамири каби қорилган, одатдагича юмалоқ эмас, балки қайиқсимон-овал шаклида ясалиб, ўртаси нафис — 1 см, чекка ҳошиялари 2—3 см қалинликда бўлган. Ўртасига чакич урилган, чеккалари пичоқ билан тилиниб, нақш берилган. Тандирга ёпиб ғўзапоя чўғида пиширилган. Забони говни пиширишни биладиган новвойлар ҳозир ҳам Самарқанд ва Шаҳрисабзда бор.

Next Article

ЗАВОД