ЗАЙД ибн СОБИТ

ЗАЙД ибн СОБИТ, Абу Хорижа (Абу Сайд) Зайд ибн Собит ибн аз Заҳҳок ал-Ансорий ал-Хазражий (тахм. 615-тахм. 665) — Муҳаммад (сав)нинг котиби, Қуръоннинг ёзма матнини жамловчиси. Хазраж қабиласидан. 11 ёшида исломга кирди, Муҳаммад (сав) хузурида Қуръонни ўрганди ва ёд олди. Саҳобаларнинг етук намояндаларидан бирига айланди. Оромий (сурёний) хамда яхудийлар хати (ёзуви) ва тилини билган. Муҳаммад (сав) вафотидан сўнг халифа Абу Бакр ас-Сиддиқ унга Қуръон матнини жам қилишни буюрди. Халифа Усмон ибн Аффон даврида (650 й. дан сўнг) унга уч маккалик (Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр, Саъд ибн ал-Асом, Абдураҳмон ибн алҲорис) билан бирга Қуръоннинг расмий ёзма матнини тузиш топширилган. Тузилган бу тўплам «Мусҳаф», «Усмон мусҳафи» номи билан юритилган. Уни халифа Усмон бирдан-бир тўгри ва барча мусулмонлар ўқиши учун мажбурий матн, деб эълон қилган. Ундан фарқ қиладиган тўпламларнинг барчасини йўқотиш ҳақида буйруқ берган. 3. С, шунингдек, мол-мулкни тақсимлаш қоидалари (фароиз) билимдони, ҳазрат Умар даврида қабилалар девонини тузувчилардан бири, халифа Усмон даврида Мадинада халифанинг хазинабони бўлган ва қозилик қилган.

Loading...