ЗИГОМИЦЕТЛАР

ЗИГОМИЦЕТЛАР (Zygomycetes) замбуруғлар синфи. Танаси яхши ривожланган кўп ядроли мицелий. Ҳужайра девори хитин ва хитозан, баъзан глюкандан иборат. Жинсий жараёни — зигоспоралар ҳосил қиладиган зигогамия (номи шундан олинган). 75% тури гетератиллик. Жинссиз кўпайиш органлари морфологик жиҳатдан хилмахил. Споралари ҳаракатсиз, эндоген усулда спорангийларда ёки экзоген усулда конидийларда ривожланади. 4 тартиб: моғорлар (Mucorales), эндогоналлар (Endogonales), энтомофторлар (Entomophtorales), зоопагаллар (Zoopagales) га 500 дан ортиқ тур киради. Кенг Tapкалган. Тупроқ ва гўнгда сапротроф яшайди, бир қанча турлари юксак ўсимликлар, бўғимоёқлилар ва б. ҳайвонлар, одамлар паразити; озиқовқат маҳсулотларида кўпинча оқ моғор шаклида учрайди. Моғор, фикомицес ва б. уруғларнинг айрим турларидан микробиология ва озиқовқат саноатида, энтомофторал турларидан эса зараркунанда ҳашаротларга қарши биологик курашда фойдаланилади.

Prev Article

ЗИГМОНДИ